Жорий йилнинг 5 май куни Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида олтинчи Boeing-787 Dreamliner самолётини тантанали кутиб олиш ҳамда ушбу “орзу кемаси” да Орол денгизи минтақаси учун олиб келинган ижтимоий юкларни етказиб беришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда “Uzbekistan Airways” AЖ раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда турли идоралар жамоатчилик вакиллари ва меҳмонлар иштирок этдилар.
“Dreamliner” ҳар доим, энг аввало, йўловчилар қулайлигига эътибор қаратганини унинг “орзу лайнери” деб аталишидан ҳам англаш қийин эмас, шу боис ҳам моделдаги асосий инновацион ғоялар двигатель ва шассидаги шовқинни имкон қадар камайтиришга қаратилгандир.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси 2016 йилнинг август ойидан бошлаб Boeing 787 Dreamliner самолётининг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачиларидан бири сифатида ушбу ҳаво кемасининг тижорий эксплуатациясини бошлаган. Мазкур русумдаги иккинчи самолёт 2016 йил ноябрь ойида, учинчиси эса, 2018 йил май ойида авиакомпания паркини тўлдирган эди. Юртимиз ҳамда авиакомпания раҳбарияти томонидан 2019 йилнинг апрелида тўртинчи ҳамда июль ойида бешинчи Dreamliner ҳам муносиб равишда қарши олинди.
Шуниси эътиборга моликки, ушбу самолёт саҳнида ўзингизни илк дақиқалариданоқ ҳудди уйингиздагидек жуда қулай ҳис эта бошлайсиз. Айниқса, кираверишдаги ўзига хос кенглик дарҳол эътиборингизни тортмай қўймайди, чунки бу ерда кенг холл йўловчилар гавжумлашишининг олдини олади. Dreamliner ишлаб чиқувчилари шунингдек, самолётнинг ички муҳити ва дизайнига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашдилар. “SkyInterior” махсус ёритиш схемаси орзу лайнерининг парвоз босқичидан келиб чиққан ҳолда саҳн рангини ўзгартира олиш имконига эгадир. Ҳатто бир хил ёруғлик ҳосил қилиш учун иллюминатор ойналари ранги ҳам автоматик равишда қораяди. Йўловчиларга қулайлик яратиш учун бутун парвоз давомида саҳндаги ҳаво намлигини назорат қилувчи микроиқлим тизими ишлаб туради.
Юртимизда коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашиш учун ижтимоий кўмакнинг учинчи партиясини олиб келган олтинчи Dreamliner 787-8 самолёти мазкур инсонпарварлик ёрдамини Орол денгизи минтақасига етказиб беради. Айтиш жоизки, ҳаво кемаси бортида касалхоналар учун махсус тўшаклар, замбиллар ва ногиронлар аравачалари олиб келинди. Ушбу инсонпарварлик тадбири тиббиёт ходимлари ва муассасалари учун юртимиз аҳолисининг ёрдамга муҳтож энг заиф қатламини даволашда кўрсатилган катта кўмак десак, муболаға бўлмайди. Boeing корпорацияси ва авиакомпания ўртасида ижтимоий ёрдам етказиб бериш бўйича учинчи ҳамкорлик доирасида Project C. U. R. E. (Commission on Urgent Relief and Equipment) томонидан тақдим этилган ёрдамнинг умумий қиймати 100000 AҚШ долларини ташкил етди.
Ўзбекистон транспорт вазири ва “Uzbekistan Airways” AЖ бошқарув раиси Илхом Махкамов авиакомпания ва “Boeing” корпорацияси ўртасидаги узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юқори даражасига фуқаро авиацияси соҳасидаги қўшма лойиҳаларни мамлакатимиз ҳукумати томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги натижасида эришилганлигини ва ушбу ҳамкорлик бундан кейин ҳам самарали давом этишини таъкидлади. “Uzbekistan Airways” раҳбари шунингдек, Boeing ва Project C. U. R. E. (Commission on Urgent Relief and Equipment) билан ҳамкорлик доирасида 787-8 қатновида юртимизда тиббиёт буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами олиб келинганидан беҳад мамнун эканлигини, бу шериклик асосида амалга оширилган учинчи парвоз эканлиги олдинги иккита ана шундай қатновлар 2016 йилда амалга оширилганини қайд этди.
Таасуфки, Орол денгизи минтақасида истиқомат қилувчи кишилар касалланишнинг юқори даражаси ҳамда дунё кўрсаткичи бўйича энг кўп учровчи гўдаклар ўлими билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган янги муаммолар эса тиббиёт муассасалари салоҳияти, инфратузилмаси ва имкон даражасини чеклабгина қолмай, уларга ўз вақтида тиббий ёрдам бериш имконидан ҳам маҳрум этмоқда. Айнан шу боис ҳам Project C. U. R. E. (Commission on Urgent Relief and Equipment) юртимизда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган ушбу инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Пандемия шароитида коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда амалга оширилган бундай сахийлик ва яқин ҳамкорлик алоҳида эътиборга моликдир.
Ўзбекистон Республикаси элчиси Жавлон Ваҳобов халқимизга кўрсатилаётган бундай инсонпарварлик кўмаги учун ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда ушбу хайр-эҳсон келгусида тиббиёт муассасалари ва тиббий хизмат етказиб берувчиларга республикадаги тиббиёт муассасаларига ўз вақтида кириш ва зарур тиббий буюмлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Project C. U. R. E. (Commission on Urgent Relief and Equipment) нинг ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар билан алоқалар бўйича директори Мелиса Эспости ва “Boeing Commercial Airplanes”нинг ҳукумат операциялари бўйича вице-президенти Билл Макшерри “Uzbekistan Airways” AЖ ва Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларига ёрдам бериш дастури бўйича ишлашдан мамнун эканликларини эътироф этган ҳолда ижтимоий ёрдам етказиб беришга доир парвозлар дастуридаги ҳамкорлик учун Миллий авиаташувчига ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.