Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг БАЁНОТИ
Сўнгги кунларда айрим хорижий мамлакатларда, хусусан, Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикасида янги коронавирус инфекцияси аниқланиш ҳолатлари сони тубдан ошиб кетиб, эпидемиологик вазият кескин ёмонлашуви кузатилмоқда. Хусусан, жорий йил 20 декабрь ҳолатида Буюк Британияда кунлик касаллик ҳолати 36 мингга, Германияда 21 мингга яқин, Италияда 15 мингдан, Нидерландияда 13 мингдан, Жанубий Африка Республикасида 9 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Ушбу мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аксарият Европа ва бошқа давлатлар томонидан эпидемиологик вазиятни мураккаблаштирмаслик мақсадида юқоридаги давлатлар билан халқаро авиаташувларни чеклаш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тезкор кескинлашуви шароитида мамлакатимиздаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади.
Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.
Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.
Шу муносабат билан, Республика махсус комиссияси жаҳондаги ушбу мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда фуқароларимиздан жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида 30 кишидан ошмаган ҳолда тадбирларни ўтказиш, шунингдек, вазирлик, идоралар ва давлат улуши бўлган хўжалик бирлашмаларида турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этмаслик тўғрисидаги карантин чекловларига қатъий амал қилишни сўраб қолади.
Шу билан бирга Республика махсус комиссияси фуқароларимизнинг ўзи ва оила аъзоларининг соғлиғини асраб-авайлаш мақсадида кириб келаётган янги йилни оила даврасида кутиб олиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
https://mintrans.uz/uz/news/respublika-mahsus-komissiyasining-bayonoti